Новости
Урганч шаҳрида “Сайлов-2019” олдидан семинар-тренинг машғулотлари бўлиб ўтмоқда.
Сайлов – овоз бериш орқали давлат органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларни ташкил этиш воситаси. Фуқароларнинг ўз сайлов ҳуқуқини амалга ошириши – уларнинг давлатни бошқаришда иштирок этишининг энг муҳим шаклларидан бири.
2019 йил 22 декабрда юртимиз ҳаётида яна бир муҳим сиёсий воқеа, Халқ депутатлари туман-шаҳар, вилоятлар Кенгашлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 23 июлдаги 926-сонли қарорига мувофиқ “Сайлов қонунчилиги ва сайловда замонавий ахборот технологияларининг қўлланиши” мавзусида босқичма- босқич сайлов комиссиялари аъзолигига номзодларни тизимли ўқитиш белгиланган.
Урганч шаҳридаги Ахборот ва компютер технологиялари касб-ҳунар коллежида жорий йилнинг 4-26 ноябрида округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича билим ва амалий кўникмаларни ошириш ҳамда сайлов округ ва участкалари биносини сайловга тайёргарлигини таъминлаш мақсадида тингловчиларга семинар-тренинглар бўлиб ўтмоқда.
Тингловчиларга семинарни вилоят Сайлов комиссияси томонидан тайинланган малакали ўқитувчилар 4 гуруҳга бўлиб ўтмоқда. Семинар давомида Урганч шаҳридан 1000 нафарга яқин тингловчиларни ўқитиш белгиланган.
Ушбу семинар Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан барча шароитлар, жумладан, ҳар бир аудитория учун моддий-техника таъминоти, иштирокчилар учун тарқатма материаллар, ҳамда 2 маҳал кофе- брейк ва тушликлар билан таъминланмоқда.
Бу йилги сайловларга жуда катта тайёргарликлар кўрилмоқда. Ўйлаймизки ушбу сиёсий жараёнда ҳар бир юртдошларимиз фаол иштирок этишади.
Урганч шаҳар ҳокимининг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди.
Бугун Урганч автомобил йўллар касб-ҳунар коллежида Урганч шаҳар ҳокими Ш.Абдуллаевнинг навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди. Қабулда шаҳар аҳолисининг 51 та мурожаатлари бирма-бир тингланди.
Билдирилган мурожаатлар аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, уй-жой ва аҳоли турмуш тарзи билан боғлиқ бир қатор масалаларни бартараф этиш юзасидан тегишли масъулларга бириктирилиб, шаҳар ҳокимлиги томонидан назоратга олинди.
Жойларда аҳоли билан бундай сайёр қабуллар давом этади.
Туркиялик инвестор билан учрашув.
Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Инвесторларнинг катта қисми қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар ва бошқа ижтимоий объектлар қуриш ишларига сармоя киритишга қизиқмоқда десак хато бўлмайди.
Куни кеча Урганч шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаев “O’zshaharsozlik LITI” DUK бош архитекторлари Гулшоира Магамедова ва Шодиёр Шоназаровлар ҳамда Туркиялик инвестор “iKSA Engineering” бош директори Оsman Aydogdu билан учрашди. Учрашувда Урганч шаҳридаги И.Каримов кўчасидаги қурилиш лойиҳалари ҳамда Хива шаҳридаги қурилиш ишлари тақдимоти бўлди. Ундан сўнг “O’zshaharsozlik LITI” DUK бош архитекторлари ва Туркиялик инвестор “iKSA Engineering” бош директори Оsman Aydogdu қурилиш ишлари амалга оширилаётган жойларни бориб кўрдилар. Қурилиш ишлари бўйича ўз таклифларини ҳам билдирдилар.
Учрашув юқори ҳамкорлик руҳида ўтди. “iKSA Engineering” бош директори Оsman Aydogdu билан Урганч шаҳрига сармоя киритиш бўйича келишиб олинди.
Урганч шаҳрида бу каби амалий ишлар давом этади.
10-ноябръ - Тиббиёт ходимлари куни.
Мамлакатимизда жамиятимизнинг барча жавҳалари сингари тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, профилактика, диагностика ва даволаш ишлари самарадорлигини оширишда муҳим омил бўляпди. 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида” қонунга мувофиқ мамлакатимизда ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси шифокорларнинг касб байрами куни сифатида ҳар йили тантанали нишонланиб келинади.
Бугун Урганч шаҳар ҳокимлигида ушбу кун муносабати билан байрам тадбири ўтказилди. Ушбу тадбир халқимиз саломатлигини муҳофазалаш йўлида самарали меҳнат қилаётган шарафли ва масъулиятли касб эгалари – тиббиёт ҳодимлари фаолиятига берилаётган юксак эътиборнинг амалдаги яна бир ифодаси. Тадбирда “Тиббиёт ҳодимлари куни” муносабати билан соҳа вакилларига Урганч шаҳар ҳокими Шухрат Абдуллаевнинг табригини ҳоким ўринбосари Нурбек Матякубов ўқиб эшиттирди.
Байрам табригида сўнгги йилларда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш соҳасида улкан янгиланишлар рўй бераётгани, биринчи навбатда, муҳтарам Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида соғлиқни сақлаш соҳаси фаолияти ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштирилгани, Президентимизнинг 2018 йил 7 декабрдаги Фармони билан тасдиқланган 2019 – 2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳамда 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури соҳа ривожида янги даврни бошлаб бергани такидлаб ўтилди.
Яна бир муҳим жиҳат, соҳа вакилларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 7 ноябрдаги “Давлат тиббиёт муассасалари ва соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ходимларини моддий рағбатлантиришни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, соҳа ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорлари оширилганлиги ана шу эътибор самарасидир.
Ҳозирда Урганч шаҳри аҳолисига 5 та тиббиёт муассасаларида 320 нафар шифокор, 845 нафар ўрта тиббиёт ходимлари малакали тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Шаҳардаги 3 та оилавий поликлиника базаларида “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизими ишга туширилган бўлиб, жами 61 та компьютер техникаси “Электрон поликлиника” автоматлаштирилган ахборот тизимига уланган.
Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, эндиликда тиббий хизматнинг асосий вазифаси касалликларни даволаш эмас, балки уларнинг олдини олишга, аҳолининг саломатлик кўрсаткичларини яхшилашга, узоқ умр кўришига ҳисса қўшишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбирда инсон саломатлиги учун масъул, ҳаётимиз мазмунли ва бардавом бўлиши учун жон куйдираётган, ўзини қўйиб, бошқаларга ҳаёт бахшида қилишга қасам ичган ва фидойи бир гуруҳ тиббиёт ҳодимлари Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан муносиб раҳбатлантирилди.
Халқимизнинг саломатлигини сақлашдек, масъулиятли ва шарафли ишда тиббиёт ҳодимларининг касбий маҳорати, билим ва тажрибаси, инсонийлик фазилатларига ишонамиз ва фидокорона меҳнатларини доим қадрлаймиз.
Халқимизнинг саломатлигини сақлашдек, масъулиятли ва шарафли ишда тиббиёт ҳодимларининг касбий маҳорати, билим ва тажрибаси, инсонийлик фазилатларига ишонамиз ва фидокорона меҳнатларини доим қадрлаймиз.
ТАЙИНЛОВ
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгашининг 2019 йил 4 ноябрдаги 02-02/187-сонли фармойишига асосан Атамуратов Дилшод Рўзметович Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Урганч шаҳар Кенгаши раиси лавозимига тайинланди.
Атамуратов Дилшод Рўзметович 1990 йил Урганч шаҳрида таваллуд топган. Миллати ўзбек, маълумоти олий. Маълумоти бўйича мутахассислиги миллий истиқлол ғояси, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими. 2016 йил Урганч Давлат Университети (бакалавр)ни тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2016 йил “Ҳаёт медия” сервис хусусий корхонаси раҳбари сифатида бошлаган. 2016 йил “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Хоразм вилояти Кенгаши қошидаги ёшлар ижтимоий хизматлари марказининг техник ходими, 2017 йил Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгаши тадбиркорлик, фермерликни ривожлантириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бош мутахассиси, 2017 йил Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгаши Ижтимоий – ҳуқуқий масалалари ва жиноятчиликлар профилактикаси бўлими мудири, 2019 йил Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгаши Ёшлар жиноятчилигини олдини олиш ва ҳуқуқий тарғибот бўлими бошлиғи.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Хоразм вилояти Кенгашининг 2019 йил 4 ноябрдаги 02-02/187-сонли фармойишига асосан Атамуратов Дилшод Рўзметович Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Урганч шаҳар Кенгаши раиси лавозимига тайинланди.
Ёш тадбиркор - келажакка пойдевор.
Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқарига кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, умуман ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисидаги ПФ 5466-сонли Фармони қабул қилинди.
“-Давлат дастури ижросини таъминлаш борасида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ёшлар тадбиркорлигини комплекс ривожлантириш ва ёшларни тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга фаол жалб қилиш бўйича жойларда мақсадли дастурларни амалга ошириб келмоқда” - дейди “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси Хоразм вилояти координатори, Урганч шаҳар филиали раҳбари Омонбой Сабуров.
Ёш тадбиркор Шаҳло Юлдошева аҳолига тиббий хизмат кўрсатишга мўлжалланган “Sevinch Medical Center” лойиҳаси учун “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси кўмагида банкдан 1млрд. 200 млн. сўм имтиёзли кредит олиб, 40 нафар ходимлардан иборат катта жамоани шакллантирди.
Клиникада амбулатор ва стационар шароитда абдоминал хирургия, урология, травматология, УЗИ, клиник лаборотория, неврология, гинекология, физиотерапия, пластик хирургия йўналишлари бўйича аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.
“Sevinch Medical Center” лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Соғлиқни сақлаш тизимининг хусусий секторини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва “Хусусий тиббиёт ташкилотларини янада ривожлантириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш тўғрисида”ги қарорлари асосида Соғлиқни сақлаш хусусий секторининг тез суратларда ривожланишига ҳам ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирда мазкур клиника Ўзбекистонда онкологик касалликларни даволаш имкониятларига эга камсонли хусусий шифохоналардан бири ҳисобланади.
ДИҚҚАТ ТАНЛОВ!
Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди “Жамиятда ҳуқуқий онг, ҳуқуқий маданиятни ривожлантиришда инновацион ҳамкорлик” мавзусида Давлат гранти учун танлов эълон қилади.
Танловда нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг қуйидаги йўналишлардаги лойиҳалари кўриб чиқиш учун қабул қилинади:
· қонунларнинг инсонлар ҳаётига реал таъсир даражаси ва аҳоли билан мулоқотнинг янги усулларини, қонунларнинг ижтимоий муносабатларни бевосита тартибга солишдаги роли ва аҳамиятини юксалтиришда ижтимоий шерикликнинг инновацион усулларини жорий этиш.
· сифатли ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтиришга, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга, маҳаллалар ободлигини таъминлашга кўмаклашиш;
· ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини, қонуний манфаатларини амалга оширишдаги тенг шароитлар яратиш, ҳаёт сифатини яхшилаш, меҳнат фаолиятига мослаштиришга ёрдам кўрсатиш;
· вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни олдини олиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишга шарт шароитлар яратишга кўмаклашиш;
Танловда қатнашиш учун қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:
1. Лойиҳа тақдим этилаётганлиги ҳақида талабгор ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган кузатув хати.
2. www.fundngo.uz сайтида жойлаштирилган шаклда ёзилган грант лойиҳаси (аризаси).
3. Талабгор ташкилотнинг давлат рўйхатидан ўтганлиги, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг ҳисобга олинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси (талабгор ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган).
4. Устав (низом) нусхаси (охирги ўзгартиш ва қўшимчалар билан рўйхатга олинган ва ҳар бир варағи талабгор ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган).
5. Талабгор ташкилотнинг оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси (оммавий ахборот воситалари учун);
6. Агар лойиҳа доирасида лицензияланадиган фаолият билан шуғулланиш талаб этилса, лицензия нусхаси (талабгор ташкилот раҳбарининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган).
7. Лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор давлат ташкилотлари ва бошқа ташкилотларнинг тавсияномалари, қўллаб-қувватлаш хатлари илова қилиниши мумкин.
Битта лойиҳа учун ажратиладиган грант миқдори – 15 млн. сўмгача.
Ҳужжатлар 2019 йил 5 ноябрдан 5 декабргача ҳар куни (дам олиш ва байрам кунларидан ташқари) соат 9-00 дан 18-00 гача қабул қилинади.
Танлов бўйича ҳужжатлар муҳрланган конвертда (А4 формат): Урганч шаҳри, 220100, Ал Хоразмий 29 уй манзилига “Халқ депутатлари Хоразм вилоят Кенгаши ҳузуридаги жамоат фондига” деб кўрсатилган тартибда юборилиши шарт.
Маълумот учун тел: 62 223 00 39
Сайлов 2019 - НИМАЛАРНИ БИЛИШИМИЗ КЕРАК?
"Юксалиш" умуммиллий ҳаракати 22 декабрь куни Ўзбекистон давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўладиган сайловларда билишимиз лозим бўлган рақамларга эътиборни қаратди.
2019 йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловларда фуқаролар томонидан 150 нафар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлар сайланади.
Шунингдек, 831 нафар вилоят ва Жўқорғи Кенгес депутатлари ҳамда 5 738 нафар шаҳар ва туман депутатлари фуқаролар томонидан сайланадилар. Ўзбекистон бўйича жами 6 719 нафар депутатлар ўз фаолиятини бошлайди.
Шу жумладан, Хоразм вилоятидан парламентга 8 нафар, вилоят Кенгашига 60 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларига 360 нафар халқ вакиллари сайланади.
Урганч шаҳрида юқори сервисга эга автосалон очилди.
Урганч шаҳрида янги ООО ИП “BOBUR TRANS LOGISTIK” диллерлик корхонаси ўз иш фаолиятини бошлади.
Мазкур замонавий корхона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган енгил турдаги автомашиналар савдоси ва сервис хизматларини кўрсатилишига мўлжалланган автосалон сифатида фаолият олиб боради.
Шунингдек, харидорларга қулайлик яратиш мақсадида барча турдаги тўловларни шу ерда “Infinbank” АКБ филиали орқали амалга ошириш, банк билан ҳамкорликда автомашиналарни кредитга бериш ҳам йўлга қўйилган.
Яна бир янгилик сифатида иккиламчи савдони ташкил қилиш, эски машиналарни келишилган нархда қабул қилиб, янги машина харид қилиш имконияти бор.
Келажакда “BOBUR TRANS LOGISTIK” диллерлик корхонаси ўз фаолиятини янада кенгайтириб, янги хизмат турларини ташкил қилишни режалаштирмоқда.
Эътибор Марказида
“-1961 йилдан буён Урганч шаҳар Маҳтумқули кўчаси 94-уйда истиқомат қилиб келардим. Уйда 8 нафар жон бўлиб яшаймиз. Шу йилнинг 16 октябръ куни бахтсиз ҳодиса рўй бериб, уйимизда ёнғин содир бўлди. Ёнғин натижасида ҳовлимиз ва шу ерда турган Дамас русумли автомашинамиз бутунлай ёниб кетди. Қишнинг изғирин совуқ кунлари келаётган бир пайтда оила аъзоларимиз билан қийин вазиятга тушиб қолдик”- дейди Курбанов Александр.
Ушбу ҳолат юзасидан Урганч шаҳар ҳокими Ш.Абдуллаевнинг шахсан ўзи фуқаро Курбанов Александр истиқомат қилиб келган, ёнғин натижасида юзага келган вазиятни ўрганиш ва уларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Маҳтумқули кўчаси 94-уйга борди. Ёнғиндан кўрилган талофатларни ўрганган ҳолда, Ш.Абдуллаев мутасадди ташкилот вакилларига фуқаро Курбанов Александрга уйининг қурилиш ишларига амалий ёрдам бериш бўйича топшириқлар берди ва бунга алоҳида эътибор қаратилишини айтди. Бундан ташқари Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан Курбанов Александр оиласига озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ёрдам сифатида ажратилди.
Фуқаро Курбанов Александрга берилаётган амалий ёрдам яна давом этади ва бундан сизларни хабардор қилиб борамиз.