Хоразмнинг архив тарихидан
Тўрт минг йиллик тарихга эга бўлган Хоразмда шеър, достон битган девонлар ва шоирлар, сулолалар, қаҳрамонлар ва алломалар ҳақида китоблар ёзган буюк тарихчилар ҳам бўлган. Ўрта Осиёдаги дастлабки давлат бирлашмаси ҳам Хоразмда барпо этилган ва унга Эрон шохи Кайковуснинг ўғли Сиёвуш асос солган. Бу даврдаги серқирра ҳаёт ҳақида буюк шоирлар Дакикий ва Абулқосим Фирдавсий “Шоҳнома” номли асар ёзиб қолдиришган. Энг қадимги динлардан ҳисобланган зардуштийлик дини ва унинг муқаддас китоби “Авесто” ҳам ёзилган.
Хоразм ҳудудида қадим замонларда архивларнинг мавжуд бўлганлиги Тупроққалъа харобасида 1948-1950 йилларда С.П.Толстов бошчилигида олиб борилган археологик қазишма ишларида аниқланди. Қазишмада III – IV асрларга оид хоразм тилида ёзилган 100 га яқин ҳужжатлар топилган. Уларнинг 18 таси ёғочга, қолганлари ошланган чармга ёзилган. Ҳужжатларнинг 8 таси яхши сақланган. 100 та ҳужжатдан 26 тасини олимлар ўқишга муваффақ бўлганлар.
Тупроққалъа архив ҳужжатларини икки турга бўлиш мумкин.
I гуруҳ ҳужжатлари ёғочга ёзилган бўлиб булар солиқга оид ҳужжатлардир.
II гуруҳ терига ёзилган бўлиб, асосан хўжалик ишларига оиддир. Бунда подшо хазинасига тушган жарималарнинг номи, миқдори ҳамда қаердан келганлиги ёзиб қўйилган.
XVII асрнинг охири ва XIX аср бошларига оид Хоразм тарихини ўрганишда албатта Хива хонлиги девонхонаси архив ҳужжатларининг ўрни беқиёсдир.
1873 йилда чор Россияси қўшинларининг Хивага юришида қатнашган шарқшунос Кун Александр Людвигович хон саройини тинтув қилиш чоғида 300 га яқин китоб (шарқ қўлёзмалари) ва ҳар хил ҳужжатларни йиғиб олади. Ҳужжатлар асосан хоннинг кирим ва чиқимлари ҳақида маълумот берувчи материаллар, дипломатик ёзишмалар ва бир қанча вақфнома ҳамда мулкий ёрлиқлардан иборат эди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжатлар тўлиқ эмаслигини ва асосан ҳужжатлар хонлик тарихининг сўнги даврига оид эканлигини қайд этилган.
Айрим ҳужжатлар Россия Фанлар Академиясининг Осиё музейига топшириш учун танлаб олиниб, қолганини эса генерал фон Кауфман императорнинг Санкт-Петербургдаги Халқ кутубхонасига совға қилиб юборилган.
1936-йилда ушбу кутубхонада тадқиқот ишларини олиб бораётган шарқшунос олим Иванов Павел Петрович томонидан топиб олинади.
П.П.Иванов 1940 йилда Хива хонлиги архиви (1822-1862 йй) мавзусида докторлик диссертациясини ёқлайди ва ушбу мавзуда ўз китобини чоп қилдиради.
Хива хонлиги девонхонаси ҳужжатларининг асосий қисми 1962 йилга келибгина ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Миллий архивига қайтариб олиб келинган.
Ўзбекистонда ҳудудларда архив органларининг пайдо бўлиши 1924 йилда ўтказилган миллий давлат чегараланиши ва Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши билан боғлиқдир. 1925 йилнинг охирида Фарғона, Тошкент, Самарқанд, Зарафшон областлари ва 1926 йилда Хоразм, Қашқадарё ва Сурхондарё областларида архив бюролари ташкил этилди. 1927 йилдан област архив бюролари округ архив бюролари деб атала бошланди.
Архив муассасаларининг биринчи галдаги вазифаси миллий чегараланиш натижасида тугатилган барча идоралар ҳужжатларини йиғиб олиб сақловга қабул қилишдан иборат эди. Хоразмда ташкил этилган архив бюроси ҳам дархол ишга киришиб, 2 штат бирлик ҳодим билан биринчи йилдаёқ 21 та фондга 1178 сақлов бирлик қабул қилинган.
1932 йилда Ўзбекистон Марказий архив бошқармасининг Янги Урганч бўлими ташкил этилди. УзССР Марказий Ижроия Қўмитасининг 1935 йил 21 декабрдаги қарори билан районларда ҳам архив муассасалари ташкил этилди. 1938 йил 15 январда Хоразм округи областга айлантирилиши муносабати билан вилоят архиви ўз ишини бошлади.
СССР Олий Совет Райсатининг 1938 йил 16 апрелдаги фармонига асосан архив муассасалари, шу жумладан Хоразм вилоят архиви Ички Ишлар Вазирлиги қарамоғига ўтди. Марказий архив бошқармаси эса Министрликнинг бўлимига айлантирилди. 1961 йил 17 июндан бошлаб област архиви ижроия комитет бўлимига айлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3 февралдаги 49-сонли қарорига асосан архив бўлими “Ўзархив” агентлиги тизимига ўтказилди.
Бугунги кунда давлат архивлари ахборот-коммуникацион технологиялари билан тўлиқ жихозланган. Давлат архивларида Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатлари барча қулайликларга эга шароитларда сақланмоқда.
З.Матсапаева,
Хоразм вилоят судининг архив мудири.
ERTАMIZ EGАLАRI UCHUN QULАYLIKLАR YARАTILMOQDА
Prezidentimiz Shavkat Mirziyoevning “Maktabgacha taʼlim tizimini yanada ragʼbatlantirish va rivojlantirish chora-tadbirlari toʼgʼrisida”gi qarori qabul qilinganidan keyin davlat-xususiy sheriklik asosida nodavlat maktabgacha taʼlim muassasalarini ochish uchun shahrimizda barcha sharoitlar yaratilmoqda.
Soʼzimiz isboti, bugun Urganch shahridagi "Ashxobod" mahallasida 180 nafar bolajonlarga moʼljallangan yangi "Maftuna gulg'unchalari" nomli davlat xususiy sherikligi asosidagi nodavlat maktabgacha ta'lim tashkilotining ochilish marosimi boʼlib oʼtdi.
Unda, Urganch shahar hokimi Oybek Xolboyev va shahar sektor rahbarlari, nuroniylar hamda mahalla fuqarolari ishtirok etdi.
Taʼlimning poydevori hisoblangan maktabgacha taʼlim tizimi ertangi porloq kelajagimiz egalarining istiqboli uchun xizmat qilishni shubxasizdir!
Урганч шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
OCHIQ MULOQOT TАSHKIL ETILDI
Bugun Urganch shahar hokimligi binosida hokim oʻrinbosarlari, tegishli soha vakillari ishtirokida "Hududda oziq-ovqat xavfsizligini taʼminlash, aholining ehtiyojmand qatlamini qoʼllab-quvvatlash, tadbirkorlikni rivojlantirish masalalari" boʼyicha ochiq muloqot oʼtkazildi.
Unda Ishtirokchilar oʼzlarini qiziqtirgan savollarga yetarlicha javob olishdi. Muloqot davomida bandlik masalalari, ishbilarmonlik muhitini yaxshilash, tadbirkorlarga berilayotgan imtiyozlar xususida maʼlumotlar berildi.
Tadbirda soha mutassadilari, OАV vakillari va blogerlar ishtirok etdi. Ochiq muloqot qizgʼin baxs va munozaralarga boy boʼldi.
Urganch shahar hokimligi axborot xizmati.
YANGI OʻQUV YILI BOSHLANDI
Bugun 6 sentyabr shahrimizdagi barcha maktablarda "Birinchi qoʼngʼiroq" tadbirlari "Yangi Oʼzbekistonda erkin va farovon yashaylik!" shiori ostida tashkil etildi.
Har yilgi anʼana davom etib, yangi oʼquv yili barcha taʼlim maskanlarida birinchi qoʼngʼiroq sadolari yangradi.
Urganch shahar hokimi Oybek Xolboyev shahrimizdagi 9-son umumtaʼlim maktabida boʼlib, oʼquvchilarni, maktab jamoasini bugungi bayram bilan tabriklab, yangi 1-sinfga qabul qilingan bolajonlarga Prezident sovg‘alarini topshirdilar.
Tadbir so'ngida Shahar hokimi maktab oʼquvchilariga “Mustaqillik darsi”ni oʼtdi. O'quvchi yoshlar dars davomida oʼzlarini qiziqtirgan savollariga javob olishdi.
Ushbu dars soʼngida maktab direktori va oʼquvchi yoshlar shahar hokimiga oʼz minnatdorchiliklarini bildirishdi.
Urganch shahar hokimligi axborot xizmati.