ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

Тинчлик тантанаси, шукрона айёми!

Баҳорни, айниқса, Наврўз айёмини ўзгача соғинч билан кутамиз. Ахир, борлиққа илиқлик иниб, тирикликнинг гўзал пардаларда уйғониши табиатнинг беқиёс мўъжизаси!


Бу мўъжиза ичра инсон ҳам бор, албатта. У ҳам баҳор нафаси ила гўёки қиш уйқусидан уйғонгандай бўлади. Руҳиятида яшашга, меҳнат қилишга, яратишга иштиёқ кучаяди. Бу ажиб туйғулар мусаффо осмон остида хотиржам яшаётган одамларга хос, десак хато бўлмайди. Ахир, нотинчлик бўлса, ҳаётга хавф туғилиб турса, на баҳорнинг, на байрамнинг қадри бўлади. Шундай эмасми?
 
Шунинг учун ҳам халқимиз осуда кунларга доим шукрона келтиради. Айниқса, баҳорга етиб унинг неъматларидан баҳраманд бўлган ҳар бир онимиз шукронага тўлади.
 
Осуда осмон остида ўтаётган бетакрор байрамларимиз, беқиёс Наврўзимиз дунё аҳлининг ҳам ҳавасини келтиради.
 
Бундай байрам тадбирларини тинчлик ва осудаликда, турли нохуш ҳодисалардан холи ўтказиш учун давлат томонидан зарур чора-тадбирлар кўрилади. Остонамизда эшик қоқиб турган Наврўз айёмини юқори савияда, хотиржамликда ўтказишни таъминлаш учун тегишли органларга топшириқлар берилган.
 
– Наврўз умумхалқ байрами тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш даврида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, турли кўринишдаги фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида 2019 йил 4 март куни ҳукуматимизнинг алоҳида қарори қабул қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Қутбиддин Бурҳонов. – Қарор ижросини таъминлаш мақсадида “Наврўз” байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ тадбирларни ташкиллаштириш ва амалга ошириш бўйича Республика штаби ташкил этилди.
 
“Наврўз” байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ички ишлар вазирлигининг алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унда ички ишлар органлари олдида турган барча ташкилий, профилактик, тезкор-қидирув ва бошқа чора-тадбирлар қамраб олинди.
 
Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ва Давлат божхона қўмитаси билан ҳамкорликда қўшма режа ишлаб чиқилди ва ижро учун жойларга юборилди.
 
Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирлар бўйича вазирликнинг алоҳида фармойиши ҳам қабул қилинди. Шунга кўра ҳудудий ички ишлар органларига амалий ва методик ёрдам кўрсатиш мақсадида вазирлик марказий аппаратининг раҳбар ходимлари Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларга ҳамда Тошкент шаҳрининг туманларига масъул этиб бириктирилди.
 
Барча ҳудудларда вазиятни тезкор назорат қилиш, жамоат тартибини сақлаш хизматига жалб этилган куч ва воситаларни марказлашган тартибда бошқариш, уларнинг ўзаро ҳамда бошқа давлат органлари билан ҳамкорлигини таъминлаш мақсадида тезкор штаблар ва ишчи гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилган.
 
2019 йил 10 мартдан 25 мартга қадар 6 минг 922 Жамоатчилик назорати масканларида жамоатчилик вакилларининг навбатчилиги ҳамда республикада фаолият юритаётган 59 йўл-патруль хизмати масканлари, блок ва постларининг иш фаолияти, аэропорт ва темир йўл вокзаллари ва “Тошкент метрополитени” унитар корхонаси объектларининг қўриқланиши кучайтирилди.
 
Вазирлик ва ҳудудий ички ишлар органлари навбатчилик қисмларида тезкор-тергов гуруҳлари фаолияти кучайтирилган таркибда ташкил этилди.
 
Мамлакатимизнинг 253 жойида байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган. Булар ичида истироҳат боғлари, ўйингоҳлар, майдонлар, кўча ва хиёбонлар, сайилгоҳ ва спорт иншоотлари, маданият масканлари бор.
 
Тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар органларининг 25 минг 361 нафар ходими, 2 минг 184 нафар миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва 12 минг 710 нафар жамоатчилик вакиллари жалб этилган.
 
Байрам тадбирлари ўтказиладиган жойларга шубҳали шахсларнинг киришига йўл қўймаслик мақсадида объектларнинг кириш-чиқиш дарвозаларида кўздан кечиришнинг техник воситалар билан жиҳозланган назорат-текширув пунктлари ташкил этилди.
 
Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида байрам тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган жойлар ва уларнинг 150 метр радиусида жойлашган 382 тадбиркорлик субъектига тегишли объектларда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди. 506 давлат тасарруфидаги объектлар, 395 кўп қаватли уйлар ҳамда 15 мингга яқин аҳоли турар жойларининг ёнғинга қарши ҳолати текшириб чиқилди.
 
Ёнғин хавфсизлиги бўйича 853 қоидабузарлик аниқланиб, жавобгар ва мансабдор шахсларга 80 миллион сўмдан зиёд жарима қўлланилди.
 
Ёнғин чиқиши хавфи бўлган 450 маскан ва алоҳида участкаларнинг иш фаолияти камчиликлар бартараф этилгунга қадар вақтинчалик тўхтатилди, 2 минг 601 носоз электр асбоби ва агрегатлар электр манбаидан узиб қўйилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли ташкилотларга тақдимномалар киритилди.
 
Бевосита байрам кунлари ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида юзга яқин ёнғин ўчириш автоэкипажлари ва 568 нафар ходимнинг кечаю кундуз навбатчилиги ташкил этилади.
 
Байрам кунлари йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида автомобиль ва пиёдалар йўлларининг техник ҳолати атрофлича ўрганиб чиқилиб, эскирган 635 йўл белгиси янгисига алмаштирилди ва йўлларга 41 минг 436 кв.м. йўл чизиқлари чизилди.
 
Байрам тадбирлари ҳамда халқ сайиллари ўтказиладиган жойлардан хавфсиз масофаларда 224 та вақтинчалик автотураргоҳ ташкил этилади. Тадбир билан боғлиқ жами 243 кўчада автотранспорт воситалари қатнови вақтинчалик чекланади.
 
Байрам билан боғлиқ барча объектлар ва уларнинг атрофида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, автомашиналар ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 2 мингга яқин йўл-патруль хизмати ходими хизматга жалб этилади.
 
Бир сўз билан айтганда, Наврўз умумхалқ байрами тадбирларини тинчлик ва осойишталик билан, юқори савияда ўтказиш учун барча зарурий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бироқ бу нафақат масъул хизмат ходимлари, балки барчамизнинг бурчимиз, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиш – хотиржамлик гарови эканини унутмайлик!

Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: www.uza.uz
Сана: 20.03.2019 08:29
1
1 795

Фикрлар (1)

Добавить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Тепага чиқиш