Медиация – бу !!!
Судьяларнинг иш ҳажмини камайтириш орқали судлов самарадорлиги ва сифатини оширишнинг муҳим усулларидан бири фуқаролик-ҳуқуқий низоларни судга қадар ҳал этишнинг муқобил усулларини ривожлантиришдир. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастури”нинг 79-бандида судгача фуқаролик ва хўжалик низоларини ҳал этишнинг асосий тушунчалари, мақсадлари, вазифалари, механизмларини белгиловчи “Яраштирув жараёнлари (медиация) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш белгилангани бежиз эмас.
Фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни судгача ҳал этиш механизмини белгиловчи медиация, яъни махсус воситачи – медиатор иштирокида низолашувчи тарафларни суддан ташқари тартибда яраштириш усуллари ривожланган хорижий давлатлар тажрибасида узоқ йиллардан бери қўлланиб келинади. Бу борада хорижий давлатлар қонунчилик тажрибаси ҳақида тўхталишдан аввал, низодаги тарафларни яраштиришга қаратилган миллий қадриятларимиз ва анъаналаримиз, мамлакатимиз ҳудудида муқаддам амалда бўлган тартиб-таомиллар тўғрисида сўз юритмоқчимиз.
Маълумки, мамлакатимизда қадимдан тарафлар ўртасида юзага келган турли келишмовчилик ва низоларни ўзаро муроса йўли билан ҳал этишга эътибор бериб келинган Муқаддам келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишнинг асосий турларидан бири воситачилик (медиация) ҳисобланган.
Медиациянинг мақсади – низолашувчи тарафларнинг низоларини мустақил, ўзаро фойдали шартлар асосида ҳал этиш имкониятини топишга кўмаклашишдан иборат бўлиб, унинг асосий тамойилларига ихтиёрийлик, тарафларнинг тенглиги, бетарафлик, медиаторнинг холислиги, махфийлик кабилар киради. Медиация жараёни музокаралардан иборат бўлиб унинг муваффақияти нафақат тарафларнинг келишмовчиликларини ҳал этишга бўлган иродаси ва интилиши, балки медиаторнинг тажрибаси ва маҳоратига ҳам боғлиқдир.
Медиация тушунчасига тўхталадиган бўлсак, у лотинча “mediare” сўзидан олинган бўлиб, “воситачилик қилиш”деган маънони англатади. Шу сабабли халқаро муомаларда медиация “воситачилик”, “яраштириш мақсадида аралашув” маъноларида қўлланади ва юридик адабиётларда медиация ва воситачилик тушунчалари бир хил маънога эга. 2018 йил 3 июлда “Медиация тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинган.
Қонунинг амал қилиши фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш муносабати билан келиб чиқадиган низоларга, шунингдек, якка меҳнат низоларига ва оилавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб сиқадиган низоларга, медиация қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, татбиқ этилади.
Қонунинг мақсади Ўзбекистон Республикасида низоларни тартибга солишнинг муқобил усулларини ривожлантириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишдан, Ўзбекистон Республикасининг суд тизимига тушадиган босимни камайтиришдан иборат.
Қонун фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан – тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда келиб чиқадиган низоларга шунингдек якка меҳнат низоларига ва оилавий, ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга, медиацияни қўллаш билан боғлиқ муносабатларга нисбатан татбиқ этилади. Қонун жамоат манфатларига ҳамда медиацияда иштирок этмаётган учунчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфатларига дахл қиладиган ёки дахл қилиши мумкин бўлган низоларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундан ташқари, қонун билан медиаторнинг фаолияти тадбиркорлик фаолияти ҳисобланмаслиги белгиланган.
Профессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти ҳақ эвазига ёки текин амалга оширилиши мумкин. Нопрофессионал асосдаги медиаторнинг фаолияти текин амалга оширилади.
Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алохида хонага киргунга қадар, ҳакамлик судида кўриш жараёнида қўлланилиши ҳам мумкин.
Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.
Демак, медиация – келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиш учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилишдир.
Урганч туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси Н.Матякубова
Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш
Мамлакатимизда, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахслар — фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг ёхуд давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчилари,коррупцияга қарши курашишда фаол иштирок этиш — тайёргарлик кўрилаётган, содир этилаётган ёки содир этилган коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар бериш ёхуд коррупцияга оид жиноятларни содир этганлиги учун қонун ҳужжатларига мувофиқ қидирув эълон қилинган шахсларни топишда ёрдам кўрсатганлар, шунингдек коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашиш — коррупцияга оид жиноятларни тергов қилиш ва уни фош этишда аҳамиятга эга бўлган далиллар ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш ёки бундай тоифадаги жиноятларни тергов қилиш ёхуд тезкор-қидирув тадбирларини ўтказишда бевосита кўмаклашганлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида 829-сонли Қарорига асосан бир марталик пул мукофоти, ташаккурнома ёки эсдалик совғалари билан рағбатлантирилиши белгиланган.
Д.Таджиева,
Урганч туманлараро иқтисодий