Урганч шаҳар ҳокими Ойбек Холбоевнинг 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган байрам табриги
Ассалому алайкум қадрли, меҳнати элда азиз, эзгулик бунёдкори бўлган ҳурматли устозлар!
Аввало, барчангизни мамлакатимиз ҳаётидаги қутлуғ сана — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этаман. Ҳар йили республикамизда кенг нишонланадиган 1 Октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами таълим соҳасининг фидойи,заҳматкаш инсонларига нисбатан давлатимиз ва халқимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми намунасидир.
Дунёда шундай касб эгалари борки, уларсиз ҳаётимизни тасаввур қилиш қийин. Ким бўлмайлик, қайси соҳада ишламайлик, барчамиз азиз ўқитувчиларимизнинг таълимини олганмиз. Биз бу билан фахрланамиз.
Халқимизда "Устоз отангдек улуғ", деган ибора бор. Кимки ўз ҳаётида бирор ютуққа эришса, касбидан эъзоз топса, бу унинг ўз устозидан олган таълими натижасидир,албатта.
Шунинг учун ҳам Сизлардан таълим ва тарбия олган, ўзини олдингизда умрбод қарздор деб ҳис этадиган барча инсонлар номидан Сизларни ҳар қанча эъзозласак, шунча оз. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олийжаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.
Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг "Сизларнинг ёшларимиз қалби ва онгига она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини сингдириш, уларни турли таҳдидлардан асраш, комил инсон этиб вояга етказиш йўлидаги беқиёс хизматларингизни барча ота-оналар, жамоатчилигимиз, бутун халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди", —деган сўзлари Сизнинг машаққатли ва шарафли меҳнатингизнинг юксак эътирофидир.
Бугунги улуғ айём кунида Сизларнинг ёш авлодга билим беришдек заҳматли меҳнатингиз учун самимий миннатдорчилик билдиришни ўзимнинг муқаддас бурчим деб биламан.
Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” дея сиз азиз устоз ва мураббийларга катта ишонч билдирган эканлар, демак, мамлакатимизнинг эртанги истиқболи, шубҳасиз, Сизнинг қўлингиздадир.
Фарзандларимизга замонавий илм-фан ва касб-ҳунар сирларини ўргатиш, юксак инсоний туйғу ва фазилатларни сингдириш, маънавий-аҳлоқий қадриятларимизни асраб-авайлаш борасида бор куч-ғайратингиз, билим ва маҳоратингизни аямасдан астойдил хизмат қилишингизга ишончимиз комил.
Сиз борсизки, ҳаётимиз нурафшон, эртанги кунимиз-фарзандларимиздан бизнинг кўнглимиз хотиржам. Сиз бераётган таълим уларнинг ҳаёт йўлларини ёритиб, халқнинг корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишишига хизмат қилади.
Сизларни яна бир бор 1 Октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!