Она тилимиз – миллий маънавиятимиз асоси
Тил инсониятгагина ато этилган беқиёс туҳфа. Шу сабаб ҳар бир миллат вакили ўзининг она тилини муқаддас неъмат, миллий қадрият сифатида қадрлайди. Бизнинг она тилимиз бўлмиш ўзбек тили ҳам айни эъзоз-у эҳтиромга лойиқ. Халқимизнинг неча асрлик бой тарихи, кўҳна ва серқирра маданияти ўзбек тили таъсирида шаклланган. Улуғ шоиримиз Алишер Навоий шу тилда бебаҳо асарлар яратиб, дунёни лол қолдирган. Бугунги кунда жаҳоннинг барча мамлакатларида давлатимиз делегатсиялари ташрифи, ёшларимиз ютуқлари, спортчиларимиз ғалабалари шарафига ўзбек тилида мадҳиямиз куйланаётир. Она тили миллат деб аталмиш бирликни ягона халқ сифатида ўз атрофида бирлаштиради. Миллий маънавиятимизнинг ажралмас қисми бўлган она тилимизга давлат тили мақоми берилганига бу йил 31 йил тўлди.
Ҳар йили юртимизда 21-октабр ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун, яъни “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган сана сифатида нишонланилади. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида тайёрланган мазкур қонун Ўзбекистоннинг мустақиллиги сари дадил қўйилган илк қадамларидан бири эканлигини қуйидагича асослаган: “Биринч навбатда шуни айтмоқчиманки, ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа туғдирмаса керак. Бу аллақачон юз бериши керак бўлган ҳодиса эдики, аҳолимизнинг кўпчилигининг қонуний талаби ҳам шундай эди. Бинобарин, ўз она тилини билмаган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам, киши тилини билмайдиган унинг дилини ҳам билмайди, деб жуда тўғри айтишади”.
Ўзбек тили мустақил Ўзбекистоннинг давлат тили эканлиги ҳақидаги қоида асосий Қонунимиз – Конститутсиямизда ҳам белгилаб қўйилган. Юртимизнинг турли миллатга мансуб фуқаролари ўзбек тилини давлатимизнинг муқаддас тимсоли сифатида ўрганмоқдалар, бу тилда гаплашмоқдалар, унга юксак эҳтиром кўрсатмоқдалар. Шу билан бир қаторда, ўз она тилларини ҳам мукаммал ўрганмоқдалар, давлат тилидан ташқари турли тиллардаги таълим, даврий матбуот нашрлари, радио ва телевидение дастурлари мунтазам йўлга қўйилган. Аввало, ўз она тилига ҳурмати бор одамгина бошқа тилга ҳурмат кўзи билан қарайди, уни сидқидилдан ўрганади. Ўз она тилини унутиш эвазига ўрганилган ўзга тил чин инсонийликка хос эмас. Қолаверса, она тилисиз инсоннинг маънавий-руҳий илдизлари соғлом бўлмайди.
Дунё тилларининг фақат икки юзтасигина давлат тили мақомига эришган бўлиб, улар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Она тилимизни асраб-авайлаш, уни эъзозлаш ҳар биримизнинг бурчимиз ҳисобланади. Бинобарин, миллатимизнинг бебаҳо бойлиги, ҳурлигимиз тимсолларидан бири бўлган давлат тилини бузиб қўллашга, тилимиздаги иборалар маъносини англатмасдан ишлатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Тил миллатимиз фахри, жамиятимиз кўзгуси ҳисобланади. Айни чоғда қалбимиз ойнаси ҳамдир. Бир қарашда бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз ўз самарасини кўрамиз. Бироқ, шу билан бирга кўнгилни бироз хижил қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Ҳатто ўзбек тилидаги сўзларни ҳам она тилимиз қонун-қоидаларига риоя қилмаган ҳолда битиб қўйишлар ва баъзи дўконлар, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчаларига рус ва инглиз тилида баъзи битиклар битилгани одамни ранжитади. Биринчи синфдан бошлаб, адабий тилда ўқиш, ёзишларига қарамай, баъзи ёшлар тилимизнинг бир-биридан ёқимли сўзларини бузиб сўзлайдилар. Ўринли-ўринсиз ҳолларда хорижий сўзларни аралаштириб гапирадилар. Чиройли тарзда, адабий тил қонун-қоидаларига амал қилган ҳолда гаплашиш қанчалар яхши. Қолаверса, бу ёш авлод тарбияси, миллий қадриятлар давомийлиги билан боғлиқ муҳим масала саналади. Она тилимиз софлигини сақлаш ва ҳимоя қилиш бевосита ўз қўлимизда. Бунинг учун кўп ўқиб-ўрганишимиз, ўз тилимизни ҳурматлашимиз зарур. Ана шундагина биз ўзлигимизни сақлаб қоламиз, тилимиз ривожига ҳисса қўшган бўламиз. Зеро, тил бор экан, миллат барҳаёт. Тил бор экан, юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлади.
Таълим муассасаларида бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга кенг шарт- шароитлар яратиб берилган. Лекин ҳеч ким ўз онатилисини ўрганмасдан туриб, бошқа тилни ўргана олмайди. Исталган вақтда тилни бузиб айтиш эса маънавий тушунчамиз саёзлигини кўрсатиб қўяди.
Миллатсевар шоиримиз Абдулла Орипов бежиз: “Мен сен билан ардоқли, мен сен билан буюкман”, деган сатрларни битмаган бўлса керак. Боиси, шоирларимиз-у адибларимизни буюк ижод маҳсуллари яратишга ундаган ҳам она тили эмасми? Абдулла Қодирий романларини эл кўнглига киришига сабаб ўзбек тилимизнинг мазмуни эмасми? Буюк Бобурнинг оташнафас ғазалларидан уфуриб турган ҳарорат қадим туркий тил эмасмикан? Ҳа, аждодларимиз меҳрига қоришиб, тараққий топиб, биз авлодларга мерос қолган тилдир бу тил. Тафаккуримиз чироғи бўлган бу тилга тасаннолар айтсак арзийди. Она тилининг сўз жавоҳирларини пухта эгаллаш, унинг назокатини теран ҳис эта билиш, айни вақтда, тилимизни том маънода қадрлаш ва уни юксалтиришга барчамиз бирдек масъулмиз.
Уганч туманлараро иқтисодий судининг архив мудири Д.Таджиева