УРГАНЧ ШАҲРИДА "МЕГА СПОРТ" ЛОЙИҲАСИ ЎТКАЗИЛДИ
"Ёшлар орасида гиёҳвандлик воситаларининг тарқалишига қарши курашиш" ойлиги доирасида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида "Мега спорт" лойиҳаси ўтказилди.
Лойиҳасида 3 олий таълим муассасаларидан 60 нафардан ортиқ талаба ёшлар спортнинг эстафета югуриш, арқон тортиш, торникда тортилиш, армрестлинг, тош кўтариш ва шахмат турлари бўйича куч синашди.
Мусобақа натижаларига кўра умумжамоа ҳисобида Урганч давлат университети 1-ўрин, Тошкент тиббиёт академияси талабалари 2-ўрин, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари Урганч филиали 3-ўринни эгаллади.
Урганч шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
Ўзбекистон – Қозоғистон форуми доирасида 16 та ҳужжат имзоланди
Хоразм вилоятида ўтаётган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари иштирокидаги ҳукуматлар делегациялари учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, таълим соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, ҳудудлараро ва чегаравий ҳамкорлик, божхона, энергетика, сувдан фойдаланиш, каби йўналишлар бўйича ўзаро алоқаларни ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. Транспорт-транзит йўналишида манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида идоралараро, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги ўзаро англашув меморандумлари, Протокол, Битим, шунингдек мавжуд келишувларни амалга ошириш бўйича Чора-тадбирлар режаси кўринишидаги 15 дан зиёд ҳужжат қабул қилинди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистондан Иқтисодиёт ва саноат, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари, Савдо-саноат палатаси, “Ўзавтосаноат” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Хоразм, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ҳокимликлари, Қозоғистондан Савдо ва интеграция, Миллий иқтисодиёт вазирликлари, Мангистау, Қизил Ўрда, Оқтўбе, Кустанай, Туркистон вилоятлари, Чимкент шаҳри ҳокимиятлари вакиллари томонидан ҳамкорлик тўғрисидаги тегишли ҳужжатлар имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида II ҳудудлараро ҳамкорлик форумининг якуний декларациясини имзоладилар.
Манба: УзА
Ўзбекистон ва Қозоғистон иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми давом этмоқда
Хоразм вилоятида ўтаётган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида 26 февраль куни икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари Абдулла Арипов ва Асқар Мамин иштирокида ҳукуматлар делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтмоқда.
Бош вазир А.Арипов кейинги йилларда давлатларимиз раҳбарлари ўртасида ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлар икки томонлама алоқаларнинг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилишига замин яратгани, Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатлари кўплаб соҳаларда, жумладан, савдо-иқтисодий йўналишда жадал суръатларда ривожланиб бораётганини қайд этди.
Қозоғистон Республикаси Бош вазири Асқар Мамин мазкур форум юқори савияда ташкил этилганини алоҳида қайд этиб, анъанавий меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди. Қозоғистоннинг биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббуси, сиёсий иродаси билан ҳудудлараро ҳамкорлик форумини мунтазам ўтказиш белгиланганини таъкидлади. Биринчи форум 2018 йил ноябрь ойида Чимкент шаҳрида муваффақиятли ўтказилди, тадбир доирасида эришилган келишувлар бугунги кунда ўз натижаларини бермоқда.
Иқтисодиётнинг етакчи соҳа ва тармоқларидаги ҳамкорлик алоқалари жадаллашиши туфайли ўзаро савдо ҳажми 2019 йилда қарийб икки баробар ўсиб, 3,3 миллиард доллардан ошди. Икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукумат зиммасига яқин йилларда савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини жорий йил 5 миллиард долларга, яқин йилларда эса 10 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Бунинг учун мамлакатларимизда етарли салоҳият мавжуд.
Ўзбекистон – Қозоғистон иккинчи ҳудудлараро ҳамкорлик форуми савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт ва коммуникация, қишлоқ хўжалиги, сайёҳлик, таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўтган бир йил давомида мамлакатларимиз вилоятлари раҳбарлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашгани, вилоятлар делегацияларининг 12 та ўзаро ташрифи амалга оширилгани бунга яққол мисол. Натижада ҳудудлар ўртасидаги савдо ҳажми 40 фоизга ошди.
Анжуман давомида ҳар икки давлатнинг тегишли вазирлик, идоралари вакиллари Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентларининг ташрифлари доирасида эришилган келишувлар ижросини ўз вақтида таъминлаш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, энергетика ва қишлоқ хўжалиги каби муҳим соҳалар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилишмоқда.
Форум доирасидаги музокаралар якуни бўйича қатор соҳалар бўйича ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
Манба: УзА