ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

БУГУННИНГ ЮРАК ҲАҚИҚАТИ


Ҳақиқатнинг кўзига тик қараш, уни қабул қилиш ҳеч қачон осон бўлмаган аслида. Модомики, унинг юзига мағрур боқиб, уни руёбга чиқариш учун, қарор топиши учун бутун умрини, куч-қувватини бағишлаган инсон ортидан эргашиб, ҳақиқат тантанаси учун интилиб яшаш – бугун жамиятимизнинг ҳар бир аъзосининг юрак амрига айланмоғи лозим. Муҳтарам Президентимизнинг "Янги Ўзбекистон" газетасининг Бош муҳаррири саволларига берган интервьюсининг бош мазмун-моҳиятини мен шундай қабул қилдим.
Юртбошимизнинг "Бугун одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлмоқда. Улар турли даражадаги раҳбар ва мансабдорларнинг иш фаолиятига холисона баҳо бермоқда, камчиликларни ошкора танқид қилмоқда. Миллий тараққиётимиз учун бу жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов айтганидек,"Яхшидир аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон!" деган сўзлари, менинг назаримда, бутун интервьюнинг асосини ташкил қилган.
Муҳтарам Шавкат Мирзиёев Президент сифатида иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ "Янги Ўзбекистон" ни қуриш ғоясини илгари сурдилар. Ва бу ғоя бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйди, ҳар биримизнинг қалбимизга, тафаккуримизга кириб борди. Эндиликда жамиятимизда олиб борилаётган барча соҳалардаги эзгу амаллар шу ғояни ҳаётга тадбиқ этишга хизмат қилаётганлиги кундай равшандир. Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари қайта-қайта таъкидлайдиларки, "Бугунги Ўзбекистон – кечаги Ўзбекистон эмас, бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас". Бироқ, "Айни пайтда яна бир ҳақиқатни унутмаслигимиз лозим: бугунги Ўзбекистон – бу ҳали том маънодаги, биз орзу қилаётган, интилаётган Янги Ўзбекистон эмас. Ҳали бу маррага етиш учун олдимизда жуда олис ва машаққатли йўл турибди. Йўлимиз шу пайтгача осон бўлгани йўқ, бундан кейин ҳам осон бўлмайди", деган сўзлар замирида юртнинг баланд толеини кўзлаган, унинг истиқболи учун оромидан кечган, елкасига бутун мамлакатнинг, халқнинг дарду ташвишларини ортган Президент Шавкат Мирзиёевнинг буюк жасорати, матонати мужассамдир. 
Мазкур интервьюни ўқиганим сайин бутун Ўзбекистон кўз ўнгимда намоён бўлди. Жамият ҳаётининг барча йўналишларини ривожлантириш, ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, олдда турган вазифалар, давлат раҳбарини қийнаётган масалалар...жуда халқчил, ҳар бир фуқаро учун тушунарли тарзда баён этилган фикр-мулоҳазаларни ўқиб, рости, шунча муаммони кўтариб яшаш учун инсонда қандай юрак бўлиши лозимлиги ҳақида ўйладим. Баландпарвозликдан мутлақо йироқ ушбу суҳбат бошдан охиригача жуда самимий тарзда кечганлиги билан ҳам эътиборимни тортди. Ички ва ташқи сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ҳимоя, таълим, тиббиёт, хотин-қизлар, маънавият...бирор соҳа йўқки, давлат раҳбари томонидан тилга олинмаган бўлсин. Шу боис ҳам, мазкур интервью нафақат саволларга жавоблар, балки, мамлакатнинг эртанги куни, порлоқ истиқболи йўлидаги улкан мақсадлар мажмуи сифатида аҳамиятлидир. Уларни амалга ошириш йўлида давлат раҳбарига елкадош бўлиш, бу уммонда бирга сузиш, тўлқинларнинг зарбига дош бериб, манзилга омон етиш – дилимдаги ёруғ мақсадга айланди. Буюк маърифатпарвар Чўлпоннинг "Мен ёнмасам, сен ёнмасанг, ким ёнади?" деган хитоби қулоғимда жаранглади.
Муҳтарам Президентимизнинг “Халқимиз менга ишонч билдирди, ана шу ишончни оқлаш,эл-юртимизга муносиб ҳаёт шароитини яратиб бериш – мен учун ҳаётимнинг маъно-мазмунидир" деган сўзлари миллат равнақи учун борини бахш этган, миллат раҳнамоси бўлиб дунёга келган инсоннинг қалбидан чиққан жуда самимий ниятдир. Бу – бугуннинг юрак ҳақиқатидир!

Сайёра Самандарова, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Сана: 24.08.2021 12:30
0
254
Тепага чиқиш