ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

Кўҳна Урганч


Кўҳна Урганч (turkm. Köneürgenç – Кўҳна Урганч форс. کهنه‌ گرگانج  Kuhne Gurgānj, форс. کُهنه‌ اورگَنج Kuhne Urganj) — Туркманистоннинг Тошҳовўз вилоятидаги шаҳар (1986 йилдан). Кўҳна Урганч туманининг маъмурий маркази. Хўжайли темир йўл стансиясидан 35 км, Тошҳовўз шаҳридан 105 км шим. ғарбда. Аҳолиси 31, 4 минг киши (2000). Кўҳна Урганчда пахта тозалаш, сут, ёғ-екстраксия заводлари, Тошҳовўз гилам ф-касининг филиали, алоқа бўлими, савдо, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди. 7 умумий таълим мактаблари, мусиқа, болалар спорт мактаби, соғломлаштириш мажмуаси, кутубхона, маданият уйи, касалхона, сил касалликлари диспансери мавжуд.
Кўҳна Урганч 10– 14-асрларда Хоразм давлатининг пойтахти бўлиб, Хоразм ва Мовароуннаҳрда энг катта шаҳарлардан бири эди. Асл номи Гурганж, араб географлари асарларида Журжония деб тилга олинади. Милоддан аввалги 1-аср Хитой йилномасида Юйе-Ган ёки Юйе-Сзян шаклида қайд қилинган. 10-асрнинг 2-ярмида маркази Гурганжда бўлган мустақил амирлик вужудга келиб, у Кот шаҳридаги хоразмшоҳлар билан рақобат қила бошлади. 995 йилда Гурганж амири Маъмун ибн Муҳаммад Котдаги хоразмшохлар сулоласини тугатиб, ўзини Хоразмшоҳ деб эълон қилди (995–997). Ўша вақтдан Гурганж Хоразм давлатининг ягона пойтахти бўлиб қолди ва 11 – 12-асрларда бу йерда маданият ва санъат равнақ топди. Ўша даврда шаҳар мустаҳкам қалъа деворлари билан ўраб олинди. Баъзи шаҳар дарвозаларининг номлари тарихий қўлёзма асарларда кўрсатиб ўтилган, бўлар: Хажжаж, Кобилон. 1221 йилда Чингизхон қўшинлари шаҳарни 6 ой қамал қилиб ололмагач, Амударёни тўсиб турган тўғонни бузиб, шаҳарни сувга бостирди. Мўғуллар барча ҳунармандларни ажратиб олиб Мўғулистонга ҳайдаб олиб кетдилар, қолган аҳолини қириб ташладилар.
14-асрнинг бошларида Олтин Ўрда таъсирида бўлган шаҳарда бинокорлик ишлари жонланди. 1333 йилда Гурганжга келган машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута бунинг гувоҳи бўлган.
15–16-асрларда шаҳарнинг маданий ва иқтисодий ривожланишида бир оз турғунлик рўй беради. 1646 йилда Хива хони Абулғозий Баҳодирхон (1643–1664) ҳозирги Урганч шаҳрига асос солди. Шундан кейин қад. шаҳарнинг номи Кўҳна Урганч бўлиб қолди. Хива хони Муҳаммад Аминхон (1846-55) Кўҳна Урганчда бўлиб Хоразм пойтахтини ўша йерга кўчиришга қарор қилди. Лекин, унинг 1855 йилда Сарахсда туркманлар билан бўлган жангдаги фожиали ўлими бу ишга барҳам берди.
Г920-йилларда Кўҳна Урганч Туркманистон таркибига киритидди. Шаҳарнинг қад. қисми 1985 йилда Давлаг тарихий-маданий музей-қўриқхонаси деб эълон қилинди. Кўҳна Урганчдаги бир неча меъморий ёдгорликлар ЮНЕСКО ташкилотининг рўйхатига олинди. Шаҳарда ўлкашунослик музейи фаолият кўрсатади. Шаҳарнинг туристик инфраструктурасини вужудга келтириш, археологик қазишмалар, тарихий ёдгорликларни консервация қилиш ва таъмирлаш ишларини фаоллаштириш мақсадида 1997 йилда Туркманистон ҳукумати нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда "Кўҳна Урганчнинг маданий сферасини ривожлантириш" лойиҳасини амалга оширишга киришди.
Кўҳна Урганчда 12– 14-асрлар меъморий ёдгорликларидан Эл Арслон, Такаш, Тўрабекхоним, Нажмиддин Кубро мақбаралари, Қутлуғ Темур (жоме масжиди) минораси ҳамда карвонсарой қолдиқлари, 16-аср ёдгорликларидан Султон Али мақбараси, 20-аср бошидаги ёдгорликларидан Тошмасжид мадрасаси ва бошқа сақланган. Кўҳна Урганчнинг энг қад. қисми ҳисобланган Қирқмулла тепалигида 1989–92 йилларда олиб борилган археологик қазишмалар натижасида у милоддан аввалги 5–4-асрларда вужудга келганлиги аниқланди.
Тарихда Кўҳна Урганч (Гурганж) ўша йерда яшаб, ижод этган ва фаолият кўрсатган машхур кишилар (Кубро, Жалолиддин Мангуберди, Маъмун академиясининг буюк олимлари Беруний, Ибн Сино, Абу Сахл Масиҳий, Абул Ҳайр Ҳаммор ва бошқалар) билан дунёга танилган.

Манба: uz.wikipedia.org
Сана: 11.01.2019 06:56
0
2 467

Добавить комментарий

Кликните на изображение чтобы обновить код, если он неразборчив

Тепага чиқиш