ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

Шавкат Мирзиёев «Ниҳол» инновацион мактабига ташриф буюрди


Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Урганч шаҳридаги «Ниҳол» инновацион мактабини бориб кўрди.  
Жорий йил сентябрь ойида фаолият бошлаган ушбу нодавлат таълим муассасаси бошланғич синф ўқувчиларига ментал арифметика, инглиз ва рус тилларини чуқурлаштирилган тарзда ўргатишга ихтисослашган. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида шахмат тўгараги ташкил этилган. Мактабга тайёрлов гуруҳлари ҳам йўлга қўйилган.  
Мактабда 19 та фан хонаси, кутубхона, ошхона, спорт зали, ўқитувчилар ва ҳамшира хоналари, фаоллар зали мавжуд.   
Ҳозирда инновацион мактаб 250 ўринга мўлжалланган. Эҳтиёждан келиб чиқиб яна 500 ўринли янги ўқув биноси барпо этиш режалаштирилган. Унда болалар ўқишни юқори синфларда ҳам давом эттириб, билимини мустаҳкамлаб боради.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар фақат дарс бериш билан шуғулланмасдан болаларнинг дунёқаришини ўстириши, мантиқий фикрлашга ўргатиши, уларнинг руҳиятига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Мактабга автобус ва ўқувчиларга  планшетлар совға қилиш бўйича топшириқ берди.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
Сана: 30.11.2018 06:07
0
4 174
Тепага чиқиш