ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

УРГАНЧ ШАҲРИДА ЯНГИ ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ИШГА ТУШДИ

Урганч шаҳрида қурилиб фойдаланишга топширилган давлат хизматлари маркази бугундан ўз фаолиятини бошлайди. 


Янги иншоотда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун барча қулайликлар мавжуд бўлиб, инвесторлар учун хизмат кўрсатиш хонаси, кутиш зали, болалар майдончаси, кафе, кутубхона белгиланган иш вақтида аҳоли хизматига шай. Бундан ташқари замонавий ресепшн, электрон навбат, маълумот олиш учун монитор, онлайн хизмат олиш учун инфакиоск, мобил телефонларнинг қувват олиш қурилмаси, банк кассаси, нақд пул ечиш учун банкомат, бир вақтнинг ўзида қабул ойналари фуқароларга хизмат кўрсатади. 



Урганч шаҳар аҳолиси учун фойдаланишга топширилган марказнинг замонавий типдаги биноси давлат-хусусий шерикчилиги асосида “Сухроб Дизайн” МЧЖ томонидан қуриб битказилди. Мазкур бино республикамиздаги энг катта Давлат хизматлари маркази десак адашмаган бўламиз. Янги бинода аҳоли учун барча қулайликлар яратилган бўлиб ходимлар “тезкор, шаффоф ва қулай” тамойили асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишади.
 

Илгари аҳолига кунига 700 га яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, янги бино ишга тушиши билан эндиликда кунига 2000 га яқин давлат хизматлар кўрсатиш имконияти яратилди.


-Ушбу марказ мустақиллик байрамига тўёна сифатида халқ ихтиёрига топширилди десак муболаға булмайди. Умуман олганда давлат хизматлари марказининг асосий мақсади, аҳолига  турли тўсиқ ва ортиқча ҳужжатларсиз хизмат кўрсатишдан иборатдир. Давлат хизматлари марказлари томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг барчаси юртдошларимизнинг давлат хизматларидан унумли  фойдаланишлари йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатдир - дейди Урганч шаҳар Давлат хизматлари маркази директори Улуғбек Ахмедов.


Муҳтарам Президентимиз  таъбири билан айтганда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим”.

Урганч шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Сана: 29.08.2020 10:23
0
15 826
Тепага чиқиш