ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

УРГАНЧ ШАҲАР ҲОКИМИ ШУХРАТ АБДУЛЛАЕВНИНГ ШАҲАР ТАДБИРКОРЛАРИГА МУРОЖААТИ


Азиз элдошлар!
Ҳурматли тадбиркорлар!

Урганч шаҳри – мамлакатимизнинг кўп минг йиллик тарихига эга бўлган ва дунёга кўплаб буюк аллома ва олимларни етиштириб чиқарган Хоразм элининг марказидир. Шу билан бирга, ҳозирги кунда замон билан ҳамнафас ривожланиб бораётган, ҳар бир маҳаллада қурилиш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган ва кундан кунга ривожланиб бораётган шаҳардир.

Ҳозирги кунда шаҳримизда 5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб, айнан шу йилнинг ўзида 700 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. Бунда эътиборли  жиҳати шундаки, жорий йил бошида 23 та чет эл капитали иштирокидаги корхоналар фаолият кўрсатаётган бўлса, январь-октябрь ойларида янгидан 17 та чет эл капитали иштирокидаги корхоналар ташкил қилиниб, уларнинг сони жами 35 тага етди. Жорий йилнинг ўтган даври давомида чет эл капитали иштирокидаги корхоналар ҳисобига шаҳар иқтисодиётига 17,0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан тўғри чет эл инвестициялари жалб қилинди. Шаҳримизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари томонидан 7,7 млн. АҚШ доллари миқдорида саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилинди.
Аҳолини бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбикорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар доирасида тижорат банклари томонидан 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида жами 1363 та субъектга 37,7 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, 1324 нафар ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди.
Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида
 1238 та субъектга 29 млрд 400 млн.сўм,
“Ҳунармандликни ривожлантириш” дастури доирасида  
 26 та субъектга 800,0 млн.сўм,
Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 18 та субъектга 700,0 млн.сўм,
Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш дастури доирасида
 76 та субъектга 3 млрд. 300 млн.сўм,
“Ёшлар келажагимиз” дастури доирасида 5 та субъектга
 3 млрд 400 млн.сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. 
Келгуси 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 октябрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4498-сонли қарорига асосан шаҳарда тадбиркорликни қўллаб қувватлаш дастурлари орқали 20,0 млрд.сўмдан зиёд имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилди.  
Тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун 2020 йилда ҳам шаҳар бўйича ер участкалари “E-AUKSION” электрон савдоларига жойлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, ҳозирда Урганч шаҳар Саноат ишлаб чиқариш ҳудудида биринчи босқичда 4 га майдонда барча коммуникация ва шароитларга эга бўладиган ТЕХНО ПАРК қурилиши жадал олиб борилмоқда. Мазкур мажмуани лойиҳаларни амалга ошириш истаги бўлган тадбиркорларга имтиёзли шартлар асосида берилиши кўзда тутилмокда. Ушбу объект қуриб битказилиши натижасида мажмуада 10 дан ортиқ ишлаб чиқариш қувватлари ва 1000 дан ортиқ янги ишчи ўринлари очилиши режалаштирилган.  
Бугунги кунда шаҳарнинг 2020-2022 йилларга мўлжалланган 3 йиллик инвестиция дастури шакиллантирилди, ушбу дастурга умумий қимати
 1,2 трлн сўм бўлган  193 та истиқболли лойиҳалар киритилди ва 2117 та янги иш ўринлари яратилиши белгилаб олинди.. 
Шунингдек, туризм соҳасини ривожлантириш, бу борада сайёҳлар учун янги туристик йўналишларни ва зарур инфратузилмани яратиш, ҳамда янги иншоотларни барпо этиш орқали хизмат сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Албатта, биз бошқа йўналишлар бўйича ҳам ишларни давом эттирамиз. Шаҳариқтисодиётини янада ривожлантириш бўйича ҳали ишлатилмаган имкониятлармиз мавжуд. 
Республикамиз Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2019 йил
 7 ноябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикр илгари сурилди.
Қадрли тадбиркорлар!
Муҳтарам Юртбошимиз ташаббуслари билан жойларда Бош вазир қабулхоналарининг ташкил этилгани, ушбу имконият натижасида, Сиз тадбиркорларнинг ҳар бир муаммонгиз ижобий ечим топилаётганини алоҳида эътироф этиш лозим.
 Урганч шаҳрида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини қабул қилиш қабулхоналари Урганч шаҳри бўлимига жорий йилнинг
 1 ноябрь ҳолатига жами 354 та масалалар бўйича мурожаатлар қабул қилинди, уларнинг 336 таси (94,9%) кўриб чиқилди (ҳал этилган), қолган 18 таси (5,1%) вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Жами 354 та мурожаатларнинг 103 таси (29%) кредит (шундан, 103 таси кўриб чиқилди), 96 таси (27,1%) ер ажратиш (шундан, 88 таси кўриб чиқилди), 13 таси (3,6%) газ, электр, сув таъминоти (шундан, 13 таси кўриб чиқилди), 22 таси (6.2%) солиқ (шундан, 22 таси кўриб чиқилди), 9 таси (2,5%) рухсатнома, лицензиялар олиш (шундан, 9 таси кўриб чиқилди), 2 таси (0.5%) бино-иншоот ажратиш (шундан, 2 таси кўриб чиқилди) ва қолган 109 таси (30,7%) бошқа (шундан, 99 таси кўриб чиқилди) масалаларда келиб тушган.
Келиб тушган мурожаатларнинг бевосита Урганч шаҳар хокимяти билан боғлиқ 37 та мурожаатдан, шундан 33 таси ижобий ҳал этилган. Бугунги кунда 4 та мурожаат кўриб чиқиш жараёнида ва ижобий хал килиниши бўйича тегишли назоратга олинган.
Ушбу мурожаатларни изчил ўрганиш ва уларга самарали ечим топиш мақсадида жойларда тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тузилди.
Ҳурматли тадбиркорлар!
 “Тадбиркорларни қийнаётган асосий масалалар  - ер ажратилишиши, ўз вақтида кийинчиликларсиз коммуникация тармоқларига уланиш ва кредит олиш масалаларидир.
Бундан буён ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилади.
Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб (вилоят, республика банклари ваколатларини шаҳардаги банкларга бериш орқали), ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади”.
Азиз ишбилармонлар!
Мен ва мен бошчилигимдаги барча раҳбарлар махаллаларга бориб, ишни қатъий тартиб-интизом, масъулият, ташаббускорлик ва фидойилик билан самарали ташкил қиламиз. 
Юртбошимиз томонидан белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, шаҳарда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда туризмни ривожлантириш борасидаги тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Тадбиркорларимиз томонидан амалга оширилаётган ва амалга оширилиши режалаштирилаётган барча йўналишдаги ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқаришдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.
Сизнинг лойиҳангиз – шаҳримизнинг келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли шахарда ишсизлик кискаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб ўз юртида халоват топади.
Шаҳардаги 4 та сектор раҳбарлари, барча бўғиндаги бошқарув ва назорат органлари тадбиркорликнинг ривожланишига халақит қилаётган  тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш ҳамда ҳар бир маҳаллада тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини таъминлайди. 
Бунда:
тадбиркорлик фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатлар текшириш эмас, балки Сизларга фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қараймиз;
ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади ҳамда тадбиркорлар мол-мулки далхсизлиги таъминланади;
тадбиркорлар иштирокида турли мажлисбозликка чек қўйилади, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай барҳам берилади.
Ҳурматли тадбиркорлар! 

Тадбиркорлик - инновацион ва замонавий ёндашувлар, илғор технология ва бошқарув усуллари асосида ташкил этиладиган иқтисодий йўналиш сифатида тараққиёт омилидир. Зеро, Буюк аллома элдошимиз Нажмиддин Кубро ҳазратлари “Муваффақиятни – саъй-ҳаракатда, муваффақиятсизликни эса – лоқайдлик ва дангасаликда кўрдим”, деб бежиз айтмаганлар. 

Сизлар бугун нафақат ишлаб чиқарувчи, яратувчи, бизнес олами, балки фаол жамоатчилик вакилисиз. Сиз халқ билан бирга, халқ дарди ва қувончи билан яшайсиз. Шу боис тадбиркор билан янада жипслашиб ишлаш, уларнинг дарди-ҳолини эшитиш, муаммоларига тезда ечим топиш асосий вазифамиз бўлиб қолади.
Сана: 20.11.2019 09:30
0
4 665
Тепага чиқиш