ЎЗБ / O'ZB / РУС / ENG                 Махсус имкониятлар

Шавкат Мирзиёев «Ниҳол» инновацион мактабига ташриф буюрди


Президент Шавкат Мирзиёев 30 ноябрь куни Урганч шаҳридаги «Ниҳол» инновацион мактабини бориб кўрди.  
Жорий йил сентябрь ойида фаолият бошлаган ушбу нодавлат таълим муассасаси бошланғич синф ўқувчиларига ментал арифметика, инглиз ва рус тилларини чуқурлаштирилган тарзда ўргатишга ихтисослашган. Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида шахмат тўгараги ташкил этилган. Мактабга тайёрлов гуруҳлари ҳам йўлга қўйилган.  
Мактабда 19 та фан хонаси, кутубхона, ошхона, спорт зали, ўқитувчилар ва ҳамшира хоналари, фаоллар зали мавжуд.   
Ҳозирда инновацион мактаб 250 ўринга мўлжалланган. Эҳтиёждан келиб чиқиб яна 500 ўринли янги ўқув биноси барпо этиш режалаштирилган. Унда болалар ўқишни юқори синфларда ҳам давом эттириб, билимини мустаҳкамлаб боради.
Давлатимиз раҳбари ўқитувчилар фақат дарс бериш билан шуғулланмасдан болаларнинг дунёқаришини ўстириши, мантиқий фикрлашга ўргатиши, уларнинг руҳиятига эҳтиёткорона муносабатда бўлиши зарурлигини таъкидлади.
Мактабга автобус ва ўқувчиларга  планшетлар совға қилиш бўйича топшириқ берди.


Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти
Сана: 30.11.2018 06:07
0
4 182

Шавкат Мирзиёев: Туристларни тарихимиз ва қадриятларимиз билан жалб қилишимиз мумкин


Президент Шавкат Мирзиёев Хива темир йўл вокзали билан “Ичан-қалъа” мажмуаси ўртасида барпо этилаётган хиёбонни кўздан кечирди. Бу ҳам давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган топшириқ ижроси бўлиб, Хивага янгича қиёфа бағишлади. 
Хиёбоннинг икки тарафида икки қаватли туризм объектлари қурилган. Уларнинг биринчи қаватида ҳунармандчилик устахоналари, савдо ва маиший хизмат дўконлари, иккинчи қаватида оилавий меҳмонхоналар, ресторанлар ташкил этилган. Бу хиёбон ва шохобчалар сайёҳларга қўшимча қулайлик яратиш билан бирга одамлар учун иш ўрни, даромад манбаи ҳам бўлади.
Президентимиз шу ерда Хоразм вилоятининг туризм салоҳиятини ривожлантириш, Хива шаҳрининг тарихий қисмини батафсил режалаштиришга оид лойиҳалар билан танишди.
Уларда мамлакатимизда халқаро бренддаги меҳмонхоналар бунёд этиш, савдо ва сервисни кенгайтиришга қаратилган режалар тақдим этилди.
Шавкат Мирзиёев хорижлик ишбилармонлар билан суҳбатлашиб, уларнинг инвестиция таклифлари бўйича кўрсатмалар берди. 
- Ўзи бизнес нима дегани? Манфаат дегани. Ўзбекистонда туризм жуда манфаатли, истиқболли соҳа. Шунинг учун бу соҳага тадбиркорларни, инвесторларни кўпроқ жалб этиб, уларга «яшил йўлак» қилиб бериш керак, - деди давлатимиз раҳбари.
Хива яқинида кўп қаватли уйлар қуриб, шаҳарнинг тарихий қисмида яшаётган аҳолини босқичма-босқич кўчириш, қалъа ичидаги уйларни сайёҳлик объектларига айлантириш зарурлиги таъкидланди.
- Биз чет эллик туристларни қадимий тарихимиз ва қадриятларимиз билан жалб қилишимиз мумкин. Лекин Хоразмнинг, Хиванинг тарихи тўлиқ ўрганилмаган, уни таништириш бўйича тизим ҳам йўқ. Шунинг учун Хоразм тарихини энг қадимги даврдан бошлаб йилма-йил ўрганиб, одамларга содда тилда тушунтиришни йўлга қўйиш керак. Муҳим даврлар ва воқеалар, ҳар бир хон ҳаёти бўйича шоу-румлар ташкил этиб, сайёҳларни қизиқтириш зарур. Хивага келган одам катта таассурот, билим олиб кетсин, бу ерда кўпроқ қолиб вақтини мазмунли ўтказсин, деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Хоразм Маъмун академияси, Туризм қўмитаси ва бошқа тегишли ташкилотларга шу бўйича топшириқлар берилди.

Манба: ​Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти.​​​
Сана: 30.11.2018 05:55
0
1 218
Тепага чиқиш